Чимкентда генерал Собир Раҳимовга ҳайкал ўрнатилди

Собир Раҳимовнинг Тошкент марказидаги ҳайкали 2011 йилда бошқа жойга кўчирилган эди.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида генерал Собир Раҳимовга ҳайкал ўрнатилди. Иккинчи жаҳон урушида Қизил армия сафида хизмат қилган ягона ўзбек генерали сифатида танилган Собир Раҳимов Қозоғистонда ҳам ҳурматга эгадир. Қозоғистонлик тарихчилар 1902 йилда Тошкентда туғилган генерал Раҳимовни этник қозоқ, деб ҳисоблайди.

Собир Раҳимовнинг Тошкент марказидаги ҳайкали 2011 йилда бошқа жойга кўчирилган ва пойтахт туманларидан бирига берилган номи ҳам олиб ташланган эди.

Қозоғистонда ўрнатилган янги ҳайкали 7 метрдан баландроқ, дея хабар қилмоқда қозоқ матбуоти.

Генерал Собир Раҳимов Иккинчи жаҳон урушида Беларус фронти таркибидаги 37-дивизияга қўмондонлик қилган.

Генерал Раҳимов 1945 йил 26 мартида Польшадаги жанглардан бирида артиллерия ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Совет даврида “Темир Генерал” лақаби билан танилган Раҳимов ҳақида “Ўзбекфильм” киностудиясида бадиий фильм суратга олинган.