Ўзбекистонда бюджет маблағи тижорат банклари депозитларига қўйилади

Ҳукумат қарори билан бюджет камомади омонатлардан олинадиган устама фоиз ҳисобига ёпилади.

Ўзбекистонда бюджет маблағлари банк омонатларига жойлаштирилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 май куни қабул қилинган қарори матбуотда душанба куни эълон қилинди.

Қарорда таъкидланишича, бу иш 2014 йил 1 январидан қонун кучига кирган Бюджет Кодекси талабларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ҳужжатга асосан бюджет маблағи тўққиз ойгача бўлган мудатга банк омонатларига қўйилади. Омонатлардан олинадиган устама фоизлар ҳисобидан эса мамлакат бюджети ой сайин тўқлиқлаб борилади.

Бюджет даромадларини омонат сақлаш ҳуқуқи давлат ҳиссаси 25 фоиздан кам бўлмаган тижорат банкларига берилади.

2015 йил бюджети Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизи миқдорида, яъни1,8 триллион сўм камомад билан тасдиқланган эди. 2015 йил бюджетининг даромад қисми 36,2 триллион сўм, чиқим қисми эса 38 триллион сўмни ташкил қилади.