БМТ Бош котиби Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди

Бан Ки Мун Тошкентга келиш олдидан 11 июнь куни Ўшда 2010 йил қирғинида ҳалок бўлганлар хотирасини ёдга олди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 12 июнь куни БМТ Бош котиб Пан Ги Мун билан учрашди. Учрашув давомида халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши кураш масаласида фикр алмашилгани хабар қилинмоқда.

“Учрашув давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда келажакдаги истиқболлари, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий Осиёда тинчликни таъминлаш, халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши курашда бирдамлик масалалари муҳокама қилинди”, – дейилади расмий хабарномада.

БМТ раҳбари Марказий Осиё сафари доирасида 11 июнь куни кечқурун Тошкентга келди. Тошкент аэропортида Бан Ки Мунни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёёв кутиб олди. Ўзбекистонгa ташрифидан олдин БМТ Бош котиби Тожикистон, Қозоғистон вa Қирғизистонга сафар қилди.

Бан Ки Мун 11 июнь куни 2010 йилда этник низолар содир этилган Ўш шаҳрида бўлиб, Қирғизистон ҳукуматини низолардан сўнг қийноқлар остида айблари тан олдирилиб, узоқ муддатларга ноҳақ қамалган маҳбуслар ишини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ўзбекистон сaфaридaн сўнг БМТ Бош котиби Туркмaнистонгa йўл олaди.