Мустақил Интернет сайтларни блок қилиш қисман тикланди

Ўзбекистонда Интернет тармоғи қаттиқ назорат остига олинган.

Ўзбекистонда мустақил Интернет сайтларга қўйилган тўсиқ қисман тикланди. Тўсиқ олиб ташлангани тўғрисида чоршанба куни Би-Би-Си хабар қилди.

Би-Би-Си мониторинг хизматининг 22 июль куни кечқурун маълум қилишича, Ўзбекистонда блок қилинган Озодлик, Би-Би-Си, Фергана.ру, Узметроном каби ахборот воситаларига доир веб-сайтлар интернет фойдаланувчилар учун очиқ бўлган.

Бундан ташқари, мамлакатда тақиқланган мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайти ҳам бемалол очилган. Интернет сайтларга қўйилган тўсиқларнинг олиб ташланиши ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Кўпчилик бу ҳолатни тасодиф ёки Интернетга тўсиқ қўювчи идоралардаги техник носозликлар билан боғлиқлигини тахмин қилишди.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан пайшанба куни келаётган хабарларга кўра, тақиқланган сайтларга тўсиқ қисман тикланган. Озодлик сайти муштарийларига кўра, баъзи минтақаларда сайтлар очилмоқда, баъзи жойларда эса очилмай қолган.

Халқаро ташкилотлар Интернет душмани, дея таснифлайдиган Ўзбекистонда ҳукумат мустақил хабар агентликларига оид интернет сайтларни тўсиши одатий ҳолга айланган. Лекин ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари бу тўсиқларни олиб ташлашнинг минг хил усулини ўйлаб топишган.