Қирғизистон ўзбекистонлик қирғизларни бепул ўқитади

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги Тожикистон ва Ўзбекистоннинг этник қирғиз фуқароларига Қирғизистон бюджети ҳисобидан ўқиш учун 30 та жой ажратади.

Бу ҳақда тилга олинган вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Айтилишича, ўзбекистонлик қирғиз абитуриентлар 13 август куни Ўш давлат университетида рўйхатга олинади, имтиҳонлар эса, шу ўқув юртида 14 август куни ўтказилади.

Реcпублика президентининг “Чет давлатларда яшайдиган ватандошларга таълим ва миллий маданият масалаларида ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги фармонига биноан Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги ҳар йили мамлакат олий ўқув юртларида 75 ўқув жойини чет эллик қирғизларга ажратади.

Ўзбекистон ҳукумати чет давлатлар фуқаролари бўлган этник ўзбекларга таълим соҳасида бундай ёрдам бергани тўғрисида маълумот йўқ.