Россияда ўзбек автомобиллари савдоси йил бошидан буён 55 фоизга қисқарди

2015 йилнинг январидан июль ойигача Россияда GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 12 минг 29 дона автомобил сотилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 55,2 фоизга камдир. Бу ҳақда Европа бизнес ассоциациясининг Автомобилсозлар қўмитаси маълумот тарқатди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2015 йил июлида GM Uzbekistan Россия бозорида 1672 дона автомобил сотган, бу эса ўтган йилги кўрсаткичга қараганда 41 фоизга камдир.

Айни пайтда Россия бозорида ўзбек автомашиналари улуши 2015 йил бошидан буён 1,3 фоизни ташкил қилгани айтилмоқда. Ваҳоланки, 2014 йилнинг шу даврида GM Uzbekistan ишлаб чиқарган автоуловлар бу бозорнинг 1,9 фоизини эгаллаганди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг бирортаси энг кўп сотиладиган автомашиналар йигирма бешлигига ҳам киролмаган.