Собиқ севгилисини шантаж қилган йигит қамоққа ҳукм этилди

Ўзбекистонда собиқ маъшуқасини шантаж қилганликда айбланган йигит 5 йилга қамоққа ҳукм этилди.

Подробно.уз нашрининг “Ҳуқуқ” газетасига таяниб, ёзишича, 22 ёшли Бобур Толипов (исм ва фамилияси ўзгартирилган) ижтимоий тармоқларда Наргиза Олимова билан танишиб қолади. Вақт ўтиб, ораларида ишқий муносабат пайдо бўлади. Дастлаб бу муносабатларга қаршилик қилмаган қизнинг онаси, вақт ўтган сари йигитдан норози бўлиб, бир куни уни уйидан хайдаб чиқаради.

Шундан кейин Бобур бошқа бир қиз, Ситора Мардиева исмли 19 ёшли коллеж талабаси билан танишиб қолади. Бобур янги танишига собиқ маъшуқасининг онасидан ўч олиш ниятида эканини билдиради.

“Ҳуқуқ” газетасига кўра, Бобур мобил телефонида сақланиб қолган Наргиза Олимованинг интим расмларини чоп қилиб, почта орқали унинг онасига жўнатади. Кейин Наргизанинг онасига телефон қилиб, 3 минг АҚШ доллари талаб қилади, акс ҳолда расмларни Интернетда эълон қилиш билан қўрқитади.

Шарманда бўлишдан қўрққан она ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилади. Милициянинг махсус амалиёти натижасида Бобур шантаж орқали талаб қилган пулни олаётган пайтда ушланади. Суд унга 5 йиллик қамоқ жазосини бергани айтилади хабарда. Унга шерик бўлган Ситора Мардиева ҳам жазосини олгани айтилади хабарда.