Россия Европадан Ўзбекистонга олиб кетилаётган маҳсулотларни ўтказмади

Россиянинг қишлоқ хўжалик назорат хизмати Болтиқ бўйи давлатлари ва Германиядан транзит йўли билан Ўзбекистонга олиб кетилаётган озиқ овқат маҳсулотларини ўтказмади.

Россия матбуотининг хабар қилишича, 28 август куни Литвадан жўнатилган 20 тоннага яқин сут маҳсулотлари Беларус-Россия чегарасидан ўтказилмаган. Смоленск ва Брянс вилоятлари бўйича Россельхознадзор бошқармаси вакиллари бу чора Россия ҳукумати талабларига биноан кўрилганини билдирган.

Ундан аввалроқ эса Франциядан жўнатилган 18 тоннадан ошиқ сут маҳсулотлари ҳам ўтказилмагани айтилмоқда.

Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан Ғарб давлатлари қўллаган санкцияларга жавобан Москва ҳам Европада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларига эмбарго жорий этган. Лекин бунда нафақат Россияга кириб келаётган маҳсулотлар, балки бу мамлакат орқали учинчи давлатларга кетаётган товарлар ҳам манзилига етиб бормаётир.