Ўзбекистон Орол денгизини қутқариш дастурларига 4,3 миллиард доллар сарфлашини билдирди

Орол денгизининг 90 фоизидан ортиқроғи қуриб бўлган

Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизини қутқариш ҳаракатларига 4,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашини эълон қилди.

Ўтган ҳафта Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир 2015-2018 йилларга мўлжалланган ҳукумат дастури қабул қилинди. Бу ҳақда хабар қилган CA-News агентлигига кўра, дастур доирасида мазкур минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чораларини такомиллаштириш мақсадларига 1,09 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳолини иш билан таъминлаш лойиҳаларига 321,2 миллион доллар, аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадларига 433,7 миллион доллар пул сарфланиши айтилмоқда.

Жами 4,3 миллиард долларлик дастурга Ўзбекистоннинг ўзи 388,3 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳисса қўшиши айтилмоқда. Маблағнинг қолгани кредит ва грантлар ҳисобидан жалб этилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида жойлашган Орол денгизи собиқ совет ҳукумати 1960 йилларда уни тўлдириб турган Амударё ва Сирдарё дарёларини ирригация мақсадларига йўналтириши ортидан қурий бошлаган. Бугунга келиб, денгизнинг 90 фоизидан ортиқроғи қуриб бўлган. Орол денгизининг қуриши “Ер куррасининг энг аянчли экологик ҳалокатларидан бири”, дея эътироф этилган.