ХВЖ расмий Тошкентни валюта чекловларини бекор қилишга чақирди

Ўзбекистонда валюта алмаштириш шоҳобчаларида валюта сотилмайди¸ қора бозордаги савдо эса таъқиб қилинади.

Бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Халқаро валюта жамғармаси 15 сентябрь куни эълон қилган баëнотида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги валюта алмашинув курсини эркинлаштириш ва валюта чекловларини бекор қилишга чақирди.

Жамғарма расмий Тошкентга инфляция босимига бардош бериш мақсадида пул-кредит сиëсатини кескинлаштиришга тайëр туришни ҳам тавсия қилган.

Айни пайтда Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон банк тизимини барқарор ва етарли капиталлашган деб топди.

Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасига аъзо бўлган 1992 йилдан бери халқаро иқтисодчилар Тошкентни валюта конвертациясини либераллаштиришга чақириб келади.

Аммо амалда Ўзбекистон бунинг тескарисини қилаëтгани боис¸ мамлакатда ҳозирга келиб валюта алмашинувининг уч хил нархи мавжуд.

Ўз даромадини эркин тарзда конвертация қилиш имконига эга эмаслиги боис аксар хориж ширкатлари Ўзбекистонни тарк этган ва тарк этишга мажбур бўлмоқда.

17 сентябрь куни ўзбек телекоммуникация бозоридан яқин келажакда чиқиб кетишини эълон қилган Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳам асосий муаммолар сирасида Ўзбекистонда эркин валюта конвертацияси йўқлигини тилга олди.