Ўзбекистоннинг сўз эркинлигини таъминлаш соҳасидаги тажрибаси халқаро экспертлар томонидан муҳокама этилди

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан сўз эркинлиги бўғилган мамлакат сифатида танқид қилиб келинади.

Самарқандда давлат идоралари очиқлиги ва фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

CA-News агентлигининг Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонасига таяниб, хабар қилишича, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Эстония, Греция, Финляндиядан келган экспертлар мутахассислар билан Ўзбекистоннинг бу соҳадаги тажрибасини муҳокама қилган.

Конференцияда 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон қонуни лойиҳаси тақдим этилган.

Хабарда айтилишича, конференция иштирокчилари Ўзбекистонда “ахборот соҳасини демократлаштириш” бўйича амалга оширилаётган чоралар “юқори натижалар” бераётганини қайд этишган.

Элчихона хабарномасида таъкидланишича, мустақиллик йилларида мамлакатда оммавий ахборот воситалари сони бир неча баробарга ошган.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан сўз эркинлиги бўғилган мамлакат сифатида танқид қилиб келинади. Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг сўз эркинлигига доир 2014 йилги ҳисоботида 180 мамлакат орасида Ўзбекистон 166 ўринни эгаллаган.

Freedom House ташкилоти Ўзбекистонни сиёсий ва фуқаровий эркинликлар мутлақ бўғилган мамлакатлар қаторига қўйган.

Ўзбекистон мустақил журналистлар қамоққа ташланган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади.