Ўзбекистондан юқори даражада тўйинтирилган ураннинг сўнгги заҳиралари олиб чиқиб кетилди

24 сентябрь куни Ўзбекистондаги юқори даражада тўйинтирилган ураннинг сўнгги заҳиралари қайта ишлаш учун Россия Федерациясига олиб чиқиб кетилди. Бу ҳақда БМТ радиоси Атом энергияси халқаро агентлиги маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Уранни Россиядаги ядро ёнилғисини қайта ишлаш билан шуғулланувчи давлат корхонаси ҳисобланмиш “Маяк” ишлаб чиқариш бирлашмасига топширилиши Россияда ишлаб чиқарилган тадқиқот реакторларига ёнилғини қайтариш дастуридаги сўнгги қадамдир. Мазкур дастур Атом энергияси халқаро агентлиги, Россия ва АҚШ амалга ошираётган Ядровий таҳдидни камайтириш бўйича глобал ташаббус доирасида олиб борилмоқда.

Унинг мақсади Ўзбекистон дохил мамлакатларга юқори даражада тўйинтирилган уран билан боғлиқ хатарларни бартараф қилишда техник ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Дастур иштирокчилари юқори даражада тўйинтирилган уран заҳираларини йўқ қилиш ва тадқиқот реакторларини паст даражада тўйинтирилган уран ёнилғисига ўтказиш орқали ядровий материаллар тарқалишининг олдини олиш ташаббусини ҳам олға сурмоқдалар.