Ўзбекистонда намунавий уйлар қурилишини Араб давлатлари молиялаштирмоқда

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги намунавий уйлар.

Ўзбекистон ҳукумати Араб мувофиқлаштирувчи гуруҳи билан қишлоқларда турар жой биноларини барпо этиш лойиҳасига маблағ ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Podrobno.uz нашрининг “Қишлоқ қурилиш банк” расмийси Афиза Аметовага таяниб ёзишича, жорий йил ёзида Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон қишлоқларида 959та намунавий уй қурилишига 30 миллион доллар маблағ ажратишга тайёр экани тўғрисидаги шартнома имзоланган. Мазкур маблағ ҳисобига 2016 йилда Хоразм вилояти қишлоқларида намунавий уйлар барпо этилади.

Хабарда айтилишича, айни пайтда Саудия тараққиёт жамғармаси билан Қорақалпоғистонда намунавий уйлар қуриш лоийҳаси муҳокама қилинаётир. Бундан ташқари Қорақалпоғистондаги намунавий уйлар қурилишига Абу Даби тараққиёт жамғармаси берадиган 30 миллион долларни йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом Тараққиёт банки билан Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилояти қишлоқларида 2016 йилда 1100та намунавий уй қурилш лойиҳасининг 2-босқичини амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб бораётир. Умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг 1-босқичи 2015 йилда амалга оширилган.

Араб мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркиби Ислом Тараққиёт банки ва бир неча араб давлатларининг тараққиёт жамғармаларидан иборат.