Чагаев ва Окендо жанги қолдирилди

Руслан Чагаев.

WBA йўналиши бўйича ўта оғир вазнда доимий жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва пуэрториколик Фреса Окендо ўртасида Германиянинг Кил шаҳрида 17 октябрда ўтказилиши режалаштирилган реванш жанги қолдирилди.

Бу ҳақда хабар берган “Р-Спорт” нашрининг ёзишича, жанг қолдирилишига Фреса Окендо елкасини жароҳатлантириб олгани сабаб бўлган.

Чагаев 2014 йилда Грознийда ўтказилган мусобақада Окендони енгиб, доимий жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган эди. Окендо бу қарорга норозилик билдириб судга мурожаат қилган. Бир неча ойлик суд жараёнларидан сўнг Чагаев ва Окендо реванш жангини ўтказишга келишиб олган эди.

36 ёшли Чагаев жангларда 34 ғалаба (21таси – нокаут билан) бир дуранг ва икки мағлубият қайд этган.

42 ёшли Окендо ҳисобида эса 37 ғалаба (27таси – нокаут билан) ва саккиз мағлубият бор.

Асли андижонлик Руслан Чагаев икки йилдан буён бокс жангларида Чеченистондаги Аҳмад ҳожи Қодиров номли бокс клубини тамсил этиб келмоқда.