Россия делегацияси Ўзбекистонни халқаро ҳарбий тадбирларда иштирок этишга чақирди

Россия Мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов.

Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов 8 октябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашуви чоғида рус ҳарбийларининг Суриядаги амалиётлари ҳақида маълумот берди.

Россиядаги “Новости” агентлигининг ёзишича, учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилган.

Антонов Ўзбекистонга ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий - техник ва ҳарбий хавфсизликни таъминлашга ёрдам беришни таклиф қилди. Шунингдек, Россия томони Тошкентни Халқаро қуролли кучлар ўйинлари ва Хавфсизлик бўйича Москва халқаро конференциясида иштирок этишга чақирди.

Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов раҳбарлигидаги делегация 7-8 октябрь кунлари Тошкентга келган эди. Анатолий Антонов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам учрашган.