Россия элчиси ишидчиларнинг Марказий Осиëга ҳужум қилиш режасидан огоҳлантирди

“Россия ихтиëрида Марказий Осиëга ўн минглаб жангариларни ташлашни хоҳлаëтганларга оид аниқ разведка маълумотлари бор”¸ деди 15 октябрь куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказган Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутько.

- Террорчиларни Суриядан сиқиб чиқаришса¸ улар биринчи навбатда Иордания ва Ироққа чекинишади¸ деган Россия элчиси¸ Бош разведка бошқармасида ишидчилар бир қисмининг Сурия ва Ироқдан Афғонистонга кўчаëтганига оид маълумот борлигини билдирди.

Элчига кўра¸ ҳозирда Афғонистонда 2-3 минг атрофида ИШИД жангариси бор ва улар сони мунтазам ўсиб бормоқда.

- Яқин истиқболда ИШИД раҳбарияти шимолий йўналишда Марказий Осиëни¸ шарқий йўналишда эса Хитойнинг Шинжон уйғур автоном минтақасини ўз таъсир доирасига олишга уриниб кўради¸ деган Россия элчиси яқинда Қирғизистон қамоқхонасидан 9 террорчининг қочишини бундай таҳдиднинг реаллигига яна бир мисол сифатида келтирди.