Ўзбекистонда уч тил йўқ бўлиб кетиш хавфи остида

Тили йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолаётган дунганлар.

Ўзбекистонда яқин келажакда уч тил йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда.

ЮНЕСКО эълон қилган йўқолиб бораётган тиллар атласида Ўзбекистондаги бухорча, Хуросон араб лаҳжаси "йўқолиб кетиш эҳтимоли" остидаги, фарё тили эса “жиддий хавф остидаги” тил сифатида белгиланган.

Фарё тилининг иккинчи номи мазанг бўлиб, бу тилда лўлиларга мансуб бир гуруҳ сўзлашади. Фарё тилида сўзлашувчи лўлилар тиламчилик қилмаслиги ва ўтроқ ҳаёт тарзи юритиши айтилади.

Бухорча эса Бухоро яҳудийлари гаплашадиган тилдир. Хуросон араб диалектида минтақадаги араб миллатига мансуб озчилик гаплашиб келган.

ЮНЕСКО атласида Қирғизистонда дунган ва ойрат тили, Қозоғистонда дунган тили, Туркманистонда турхман тили йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани қайд этилган.

Тожикистонда эса 11 та тил йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги хавотир уйғотмоқда. Тожикистонда йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолаётган тилларда асосан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида яшовчи кичик миллатлар гаплашади.