ОТБ Ўзбекистон-Эрон темир йўли қурилишини ҳамкорликда якунлашни таклиф қилди

Осиё тараққиёт банки Бош директори Хуан Миранда Тошкент, Ашхобод, Кобул ва Теҳрон ҳукуматларига Ўзбекистон - Афғонистон - Эрон темир йўли қурилишини ўзаро ҳамкорликда якунлашни таклиф қилди.

Тошкентда 5-6 ноябрь кунлари ўтган Халқаро инвестициялар форумда сўзлаган Хуан Миранда мазкур темир йўлнинг қурилиши минтақа учун муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлади.

“Мазкур темир йўл қурилиши бошланган ва кейинроқ номаълум сабабларга кўра охирига етказилмай қолган эди. Темир йўл ўзбек тадбиркорлари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини Эроннинг Бандар Аббос портига етказишга ва у ердан дунёнинг истаган нуқтасига олиб бориш имкониятини яратади. Шунинг учун бу ишни халқаро молия институтлари, масалан, Осиё тараққиёт банки кўмагида давом эттириш лозим”, деди Хуан Миранда.

Аввалроқ Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициялар форумида хорижлик сармоядорлар билан умумий қиймати 12 ярим миллиард долларлик шартномалар имзоланганини билдирган эди.