Қандим газ заводи 2018 йилда ишга туширилади

Вагит Алекперов.

Россиянинг "ЛУКОЙЛ" нефть ширкати президенти Вагит Алекперов Ўзбекистонда барпо этилаётган Қандим газни қайта ишлаш заводи 2018 йилда ишга туширилишини билдирди.

Вагит Алекперов сешанба куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашуви чоғида мана шу ҳақда маълумот берган. Бу замонавий завод йилига 8 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Бугунги кунда "ЛУКОЙЛ" Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот ва Қандим газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ширкатнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган сармояларининг умумий миқдори 5 миллиард доллардан ошган.