Покистон Бош вазири Навоз Шариф Ўзбекистонга сафарини бошлади

Президент Ислом Каримов таклиф қилган Покистон Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни Ўзбекистонга расмий сафарини бошлади.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, Покистон Бош вазирини Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкент аэропортида кутиб олган.

17-18 ноябрь кунлари бўладиган икки кунлик расмий сафар мобайнида Навоз Шариф Тошкентда президент Ислом Каримов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис депутатлари билан учрашувлар ўтказади.

Покистон Бош вазирининг Тошкент сафари доирасида саломатликни сақлаш, маориф, қишлоқ хўжалиги ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш соҳаларига оид бир қатор ҳужжатлар, шунингдек, қўшма баёнот имзоланиши ҳамда Афғонистондаги вазият муҳокама қилиниши кутилмоқда.