Навоз Шариф бугун Самарқандга боради

Покистон Бош вазири Навоз Шариф.

Ўзбекистонга икки кунлик расмий сафар билан келган Покистон Бош вазири Навоз Шариф бугун Самарқандаг боради.

Ўзбек матбуотининг хабар беришича, 17 ноябрь куни Тошкентга келган Покистон раҳбари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокарлар ўтказган. Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда БМТ эгидаси остида тинчлик музокаралари ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган якдил фикрни билдирган.

Бундан ташқари Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларга доир бир қатор ҳужжатлар ҳам имзоланган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги бугунги кундаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда товар айрибошлаш даражаси икки давлат потенциали ва имкониятларидан орқада қолаётганини таъкидлаганлар. Шундан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиёт соҳасидаги ҳукуматлараро комиссия фаолиятини яхшилашга келишиб олинган.

Навоз Шарифнинг Ўзбекистон сафари бугун якунланади. Покистон Бош вазири бундан аввал 1992 йилда Тошкентга келган эди.