АҚШда 500га яқин ўзбекистонлик талаба ўқимоқда

АҚШда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 2014-2015 ўқув йилида 6 фоизга кўпайди ва 491 кишига етди. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси эълон қилган “Очиқ эшиклар” ҳисоботида маълум қилинди.

19 ноябрда тарқатилган хабарда айтилишича, АҚШдаги ўзбекистонлик талабаларнинг 48 фоизи бакалавриат дастурлари асосида ўқимоқда. Бу эса Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.

Айни пайтда АҚШда хориждан келган 974 минг 926 талаба таълим олмоқда. Ҳисоботда билдирилишича, Қўшма Штатларда ўқиётган талабаларнинг 304 мингдан кўпроғи хитойлик, 132 минг 888 нафари ҳиндистонликдир.