БМТ қўмитаси Ўзбекистонни патриархал тасаввурларга қарши курашга чақирди

Ўзбек аёли буғдой тозаламоқда.

БМТнинг Аёлларга нисбатан дискриминацияни бартараф этиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини аёлларнинг жамиятдаги ўрни тўғрисидаги патриархал тасаввурларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқишга чақирди. Бу ҳақда БМТ радиосига таянган ҳолда Марказий Осиё янгиликлар хизмати 25 ноябрь куни хабар тарқатди.

Қўмита аъзолари фикрича, Ўзбекистонда аёлларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштироки анча чекланган. Қўмита экспертлари Ўзбекистонда кўпхотинлик, эрта ва мажбурий никоҳлар амалиёти мавжудлигини ҳам эслаб ўтди..

Йиғилишда Ўзбекистон ҳукуматига Аёллар қўмитаси аҳамиятини кучайтириш тавсия қилинди. Экспертлар фикрича, бугунги кунда Ўзбекистон Аёллар қўмитаси ҳукумат томонидан керакли даражада молиялаштирилмаётган нодавлат ташкилоти ҳисобланади.

БМТ қўмитаси Ўзбекистонда қизларга ўрта маълумот олишга тўсқинлик қилаётганларга нисбатан жавобгарлик жорий этилган қонун қабул қилинишини олқишладилар.