Сурхондарё суди ИШИДга қўшилишга уринган икки фуқарони суд залидан озод қилди

Сурхондарё суди “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорликда айбланиб, қилмишига пушаймон бўлган икки фуқарони оқлагани хабар қилинмоқда.

Маҳаллий ярим расмий нашрларнинг хабар қилишича, Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловлар Сурияга кетишга уринган пайтда қўлга олинган.

Сурхондарё вилояти суди вакилига таяниб, берилаётган хабарда айтилишича, Шўрчи тумани турғунлари Раҳматилла Эсонтурдиев, Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловлар 2013 йилда Россиянинг Доғистон Республикасига иш излаб кетишган.

Раҳматилла Эсонтурдиев у ердан Сурияга кетиб, ИШИД жангариларига қўшилади. 2015 йилда эса Ўзбекистонга қайтган Юсуф Эсонтурдиев ва Абдураҳмон Эшқобиловни Сурияга келиб, “жиҳодда иштирок этиш”га даъват қилади. Раҳматилла уларга Андижон вилоятига етиб бориб, у ердан Қирғизистонга ўтишни маслаҳат қилади. Лекин ҳуқуқ-тартибот идоралари икковлонни Шўрчи-Тошкент автобусида ушлаб қолади.

Хабарда яна айтилишича, Раҳматилла Эсонтурдиев Суриядаги жанглардан бирида ҳалок бўлгани аниқланади.

Сўнгги ҳафталар давомида Ўзбекистонда “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорлик иддаолари билан 200дан ошиқ одам қўлга олинди.