Самарқандда пластик карточкаларни қабул қилмаган савдо шаҳобчалари ноқонуний экани айтилди

Самарқанд вилоятида ноқонуний фаолият кўрсатаётган 1031та савдо шаҳобчаси аниқланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси раҳбари Ғанишер Маматқуловга таянган ҳолда 7 декабрь куни 12news.uz нашри хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мазкур шаҳобчаларнинг ноқонуний фаолият юритаётгани бу жойларда пластик карточкалар қабул қилинмаётгани ортидан аниқланган.

Ғанишер Маматқулов бу масалада ўтказилган матбуот анжуманида, пластик карточкаларни қабул қилмаётган савдо шаҳобчалари ноқнуний экани ва бу шаҳобчаларда контрабанда маҳсулотлари сотилиши ҳақида гапирган.

Унга кўра, деҳқон бозорларида ҳам ҳеч бўлмаганда гўшт сотувчи битта дўконда пластик карточка қабул қилиниши шарт.

Маматқулов бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 9100 савдо ва умумий овқатланиш шаҳобчаларига 14400 тўлов терминали ўрнатилганини билдирди.