Москва одам савдосида гумонланган ўзбекистонликни Тошкентга топширди

Мазкур сурат одам савдоси мавзусига оид иллюстрацион фото ҳисобланади ва қуйидаги хабарга бевосита таалуқли эмас.

Россия Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг одам савдосида айбланаётган 23 ёшли фуқароси Фарруҳ Туйғуновни Тошкентга экстрадиция қилди.

Ўзбек матбуотида 9 декабрь куни тарқатилган хабарда айтилишича, Фарруҳ Туйғунов 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135 - моддаси 2 - қисми, яъни одам савдосида айбланиб, халқаро қидирувга берилган эди.

Москва прокуратурасининг бу борадаги билдирувида: “Туйғунов Тошкентнинг Миробод туманидаги квартирасига алдов йўли билан оғир моддий қийинчиликка дуч келган икки қиз ватандошини алдов йўли билан олиб келиб, қамаб қўйган. 2013 йил июнидан 2014 йил февралигача у зўравонлик билан аёлларни пулли жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлаган”, деб айтилади.

Фарруҳ Туйғунов 2015 йилнинг июнь ойида Москвада қўлга олинган.