Тошкентда ҳам янги йилни ресторанда нишонлаш тақиқланди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтликларга янги йилни уйда нишонлашни таклиф қилиб, аксар ресторан ва кафелар 31 декабрь куни ёпилишидан огоҳлантирди.

Sputnik нашрига кўра, ҳокимлик расмийлари ушбу тақиқ фақат озғаки буйруқ асосида берилганини таъкидлашган.

Самарқандда ҳам 31 декабрь куни шаҳардаги ресторан, кафе ва барлар ишламайди. Бошқа кунлари эса байрамни соат 23 гача тугатиш ва кўнгилочар тадбирлар учун 400 дан ортиқ одам таклиф қилмаслиги тавсия қилинган.

Самарқанд вилоят ҳокими янги йил байрамларида одам кўп тўпланадиган жойларда ички ишлар ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат навбатчи гуруҳлар тузишни буюрган.

Ўзбекистонда оммавий тадбирлар ўтказишни чеклаш анъанаси бир неча йиллардан буён давом этиб келади.

Жумладан, Ўзбекистон мактабларида ҳам битирув кечаларини ресторан ва кафеларда ўтқазиш тақиқланган.

Жорий йилда мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида ҳам ресторан ва кафеларда ифторлик ўтказиш тақиқланди.