Россияда жазо ўтаган фуқаросини Ўзбекистон қабул қилмади

Одам ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказгани учун Сибирда жазо ўтаган ва Россиядан чиқариб юборилган фуқаросини Ўзбекистон қабул қилмади.

Бу ҳақда mediakuzbass.ru сайти Россия Федерал миграция хизматининг Кемерево область бошқармасидан олинган маълумотга таяниб хабар қилди.

Тилга олинган бошқарма расмий вакили Евгений Невзоровга кўра, ўзбекистонлик Кузбассда жазо ўтаган ва жорий йил августида озодликка чиққан.

Мазкур шахснинг 2023 йил августигача Россия Федерацияси ҳудудида қолиши номақбул эканлиги тўғрисида Адлия вазирлиги қарор чиқарган ва уни Ўзбекистонга депортация қилмоқчи бўлганлар.

Шу мақсадда Ўзбекистон консулхонасига тегишли ҳужжатлар юборилган, лекин Ўзбекистон ҳокимияти вакиллари депортация қилинажак шахснинг фуқаролиги йўқлиги тўғрисида баёнот бериб, уни қабул қилишдан бош тортган.

Шу муносабат билан миграция хизмати шахсга нисбатан реадмиссия чорасини қўллаган, яъни уни Россияга қайси давлат ҳудудидан кириб келган бўлса, ўша давлат ҳудудига чиқариб юборган.

mediakuzbass.ru сайтининг ўз манбаси айтганларига таяниб ёзишича, бу жорий йилдаги учинчи реадмиссия ҳолати бўлиб, давлатнинг депортантни ўз фуқароси сифатида қабул қилмагани - биринчи ҳолатдир.

mediakuzbass.ru реадмиссия қилинган ўзбекнинг исм-фамилияси ва унинг шахсига оид бошқа маълумотларни келтирмади.