Ислом Каримов МХХ, ИИВ ходимлари ва ҳарбийлардан бир гуруҳини мукофотлади

Ўзбекистон президенти 12 январь куни “Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мукофотланганлар, фармонда айтилишича, Ўзбекистон Республикасининг “мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун” қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.

Собиқ Совет армиясининг Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмалари 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилган эди ва бу кун Ўзбекистон Республикасининг Президенти 1993 йил 29 декабрда имзолаган қонунга биноан Ватан ҳимоячилари куни, деб белгилаб қўйилган.