Ўзбекистон жорий йилда Европага ўтган йилга қараганда озроқ мева-сабзавот сотади

Берлинда ўтган “Яшил ҳафталик 2016” қишлоқ хўжалик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон Европа давлатларига 91 миллион 200 минг долларлик мева-сабзавот етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларни имзолади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ўтган ҳафта якунида билдиришича, мазкур ярамаркада дунёнинг 68 мамлакатидан келган вакиллар ишитрок этган. Ўзбекистон делегациясига ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев раҳбарлик қилган.

Айтиб ўтиш лозимки, жорий йилда имзоланган шартномалар ўтган йилгига қараганда деярли 39 миллион долларга оздир. 2015 йилда Берлин ярмаркасида Европа давлатлари Ўзбекистондан 130 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш тўғрисидаги шартномаларни имзолаган эди.