Абдулазиз Комилов Пекинда ШҲТ бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитойга қилаëтган уч кунлик сафари доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби¸ тожик дипломати Рашид Алимов билан учрашди¸ деб хабар қилди ўзбек дипломатлари идораси.

Расмий хабарга кўра¸ учрашувда 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтказилиши кутилаëтган ШҲТ саммитига тайëргарликнинг бориши муҳокама қилинган.

Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг Тошкент учрашувига ҳозирлик доирасида¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон пойтахтида катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган.

Тошкент марказидаги чинорларни кесиш жараëни ҳам¸ норасмий манбаларга кўра¸ айнан ана шу саммитга ҳозирлик билан изоҳланмоқда.

Ташкилотнинг сўнгги саммитида унга раислик қилиш Ўзбекистонга топширилган эди.