"Навоийазот" раҳбари лавозимини эгаллашга хориж мутахасислари қизиқмади

"Навоийазот" заводи.

Хорижлик мутахасислар “Навоийазот” ҳиссадорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимига ўтказилган танловга қизиқиш билдирмадилар. Бу ҳақда сешанба куни Sputnik нашри хабар берди.

2015 йилнинг ноябрида Ўзбекистондаги энг йирик кимёвий завод бўлган “Навоийазот” бошқаруви раислигига танлов эълон қилинган эди. Мазкур танловда хорижлик мутахасисларга ҳам иштирок этиш имконияти берилган. Танловда ғолиб бўлган хорижлик мутахасис Ўзбекистонда барча солиқлардан озод этилиши ва унга яна бир қатор имтиёзлар берилиши кафолатланган эди.

Бироқ ўтган ҳафтада танлов натижаларини эълон қилган махсус комиссия танловда иштирок этиш учун хорижлик мутахасислар мутлақо қизиқиш билдирмаганларини маълум қилди.

Комиссия бунгача “Навоийазот” директорнинг умумий масалалар ва кадрлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ҳасан Фармоновни бошқарув раислигига лойиқ деб топган.

1964 йилда ишга туширилган “Навоийазот” акцияларининг юз фоизи ҳукуматга тегишлидир. Тошкент расмийлари яқин икки йил ичида завод акцияларининг 49 фоизини хорижий сармоядорларга сотишни режалаштирган.