Тошкентда 14-рақамли автобусларда бепул Wi-Fi тақдим этилмоқда

Тошкент шаҳрида бепул Wi-Fi таклиф қилаётган жамоат автобуслари хизмат кўрсата бошлади.

Пойтахт жамоат транспортида йўловчиларига бепул Интернет тақдим этилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига таяниб, CA-News нашри хабар қилмоқда.

“Автобусларда яхши тезликдаги бепул Wi-Fi, бугун фойдаланиб, хурсанд бўлдим. Мамлакатимиз учун катта силжиш”, дея иқтибос келтирилмоқда йўловчиларнинг биридан.

Ҳозирча “Тошшаҳархизмат” корхонасига тегишли 14-рақамли йўналиш бўйича қатнайдиган автобусларда бепул Wi-Fi сигналидан фойдаланиш мумкинлиги айтилмоқда. Сигнални Wi-Fi-Bus номли тармоқдан олиш мумкин, демоқда фойдаланувчилар.

Ўзбекистонда Интернет билан боғлиқ муаммолар доимо танқид қилиб келинади. Жумладан кўплаб мустақил хабар агентликлари сайтларига ҳукумат томонидан тўсиқ қўйилгани, Skype каби хизматларнинг ишдан чиқарилгани боис Ўзбекистон халқаро ташкилотлар тарафидан “Интернет душмани”, дея тасниф этилган.

Бундан ташқари жамоатчилик транспорти фаолияти ҳам ўзбекистонликлар шикоятларига сабаб бўлади.