Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Инвестиция-савдо кенгашини ташкил қилади

Европа Иттифоқининг Бельгиядаги бош қароргоҳи.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида Инвестиция ва савдо масалалари бўйича кенгашни ташкил қилади. Бу ҳақда ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Юрий Штрекка таянган ҳолда 17 февраль куни ўзбек маҳаллий матбуоти хабар тарқатди.

Штрекнинг айтишича, мазкур кенгашнинг ташкил этилиши ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликнинг кенгайишига сабаб бўлади.

Расмий маълумотларга қараганда, Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Россия ва Хитойдан кейин учинчи ўринда турадиган муҳим савдо ҳамкоридир. ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 1 миллиард 800 миллион еврони ташкил қилади.

2015 йил июлида Европа Иттифоқи 2020 йилгача Ўзбекистонга 168 миллион евро миқдорида молиявий кўмак кўрсатиш режасини тасдиқлаган. Мазкур кўмак ирригация инфраструктурасини яхшилаш, агробизнесда энергиянинг қайта тикланувчи манбааларини жорий этиш ва вилоятларда янги иш ўринлари ташкил этиш лойиҳаларига сарфланади.