Ҳиндистонга мураккаб операция учун бораëтган ўзбеклар кўпаймоқда

Ҳинд матбуотининг ëзишича¸ Ҳиндистондаги хусусий касалхоналар борган сари Яқин Шарқ ва постсовет ҳудудида яшовчилар учун мураккаб муолажа ва амалиëтлар марказига айланмоқда.

Гургаондаги Medanta Medicity касалхона мисолида маҳаллий матбуот хусусий тиббий марказлар даволаниш нархининг нисбатан арзонлиги¸ энг сўнгги тиббий ускуналар ва юқори малакали врач ва жарроҳлар боис¸ Ўзбекистон каби давлатлардаги беморларни ўзига жалб қилаëтганини ëзади.

1250 беморга мўлжалланган ушбу касалхонада 45 та жарроҳлик хонаси мавжуд ва бу ерда юрак операцияси 6000 доллар¸ жигар трансплантацияси 14 минг доллар¸ жаҳондаги энг сўнгги русумда робот томонидан қилинаëтган тизза амалиëти эса 10 минг долларга нархланган.

Қиëс учун айни операцияларга ўзбекистонлик беморлар Россия касалхоналарида уч-тўрт баравар¸ АҚШ ва Европада 10 баравар кўпроқ пул тўлашлари керак бўлади.

Ҳиндистон хусусий касалхоналари ўзбекистонлик беморларни тиббий туризмга жалб қилиш баробарида¸ мамлакат врачларига ҳам турли трейнинг дастурлари таклиф қилмоқда.

Жорий йил бошида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳиндистонликлар билан ана шу мақсадларни кўзда тутувчи уч йиллик ҳамкорлик дастури имзолаган эди.

Хорижий беморларга хизмат кўрсатиш Ҳиндистон тиббий муассасалари учун катта даромад манбаига айланган. 2015 йилда бу хизматлардан 3 миллиард доллар фойда олинган бўлса¸ 2020 йилга бориб бу даромаднинг 8 миллиардга етиши кутилмоқда.

Айни пайтда¸ минглаб ўзбекистонлик малакали врачнинг иш ҳақи озлиги¸ янги тиббий технологиялар кирмаëтгани ва коррупция сабаб араб давлатлари ва Африкага кетиб қолгани кузатилмоқда.