Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларнинг АҚШга олиб кирилиши тақиқланиши мумкин

Ўзбекистон пахтазорларига мажбуран чиқарилган талабалар.

Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларнинг АҚШга олиб кирилиши тақиқланиши мумкин. Президент Барак Обама 24 февраль куни мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга имкон бериб келган қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этди.

Бироқ ҳозирча Қўшма Штатлар божхонаси ҳуқуқ фаоллари мажбурий меҳнат маҳсули деб ҳисоблайдиган Ўзбекистон пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қандай муносабатда бўлиши ноаниқ қолмоқда.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган “Пахта кампанияси” халқаро ташкилотининг адлия маслаҳатчиси Брайн Кэмпбелл Обама имзолаган қонун сўзсиз тарзда ўзбек пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам таалуқли бўлади, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонда йилига уч миллион тоннадан кўпроқ пахта етиштирилади. Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ фаоллари ўзбек пахтасини етиштиришда ҳукумат фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилишини таъкидлаб келадилар.