Ўзбек-қирғиз чегарасининг 55 минг метрига тиканли сим ўрнатилди

Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси Райимберди Дуйшенбиевнинг маълум қилишича, шу кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг 55 минг метрлик қисми тиканли сим билан тўсилган.

АКИpress агентлиги ўтказган онлайн матбуот анжуманида қатнашган раис икки давлат ўртасидаги чегарада 20 минг метрлик ҳандақ ҳам қазилганини айтиб ўтди.

Шунингдек, Қирғизистон томони чегара участкаларини масофадан кузатиш учун қўлланиладиган "Фокус-Д" русумидаги 3 та оптик-электрон модул ва "Рассказ" русумидаги 1 та радиолокация ускунасини ишга туширгани айтилди. 52 та метал минора назорат учун қўлланилмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегараси Ўзбекистон томонидан қарийб тўлиқ ёпилгани боис, икки қўшни халқ ўртасидаги энг муаммоли масалалардан бири бўлиб келмоқда. Чегараолди ҳудудларида яшовчилар ва савдогарларнинг кўп ҳолларда чегарани бузиб ўтишга уриниш ҳоллари кузатилади.