"Независимая газета": Бишкек КХШТнинг Тошкент саммитига қатнашмаслиги мумкин

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон билан чегарадаги баҳсли вазиятни ҳал қилишда ёрдам сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди, деб хабар қилди Россияда чиқадиган “Независимая газета”.

Ташкилот Доимий кенгаши мажлиси сешанба куни Москвада бўлиб ўтди. Бироқ, Независимаянинг КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновга таяниб хабар қилишича, қарор қабул қилингани йўқ. Қирғизистон ҳарбий блокдаги ўз ҳамкорларининг қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда, деб ёзди газета.

Нашр фикрича, агар Ўзбекистон билан чегарадаги баҳсли вазиятнинг ечими чўзилиб кетгудай бўлса, Қирғизистон КХШТнинг Тошкент саммитида қатнашиш қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин.

18 март куни Ўзбекистон томони Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига 2 БТР. 2 КамАз ва 40дан ортиқ аскар киритган эди. Бу Қирғизистон ҳукумати ва халқининг кескин норозилигига сабаб бўлган.