Россия президенти Ўзбекистоннинг қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Путин ва Каримов ўзаро қарзлар масаласида 2014 йил 10 декабрида келишиб олган эди.

Россия президенти Владимир Путин 5 апрель куни Ўзбекистоннинг 865 миллион доллар қарзидан кечилишини англатувчи шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Россия Давлат Думаси Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни мувофиқлаштиришга оид келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 27 март куни қабул қилган эди.

Мазкур келишув 2014 йилнинг 10 декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари чоғида имзоланган.

Кремль Ўзбекистон Россиядан жами 889 миллион 300 минг доллар миқдорида қарздор эканини айтиб келарди. Бироқ, Ўзбекистон бу қарзнинг фақат 43 миллион 100 минг долларини тан олган ва Москва собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистондан камида 1 миллиард доллар қарздор, деб даъво қилган.

Путиннинг Тошкентга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда томонлар ўз иддаоларидан воз кечишга келишиб олган эди. Келишув шартларига кўра, Ўзбекистон Москвага бўлган 25 миллион доллар қарзини Дума Ўзбекистон қарзларидан воз кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан сўнг 30 кун ичида тўлаши шарт.