Ўзбекистонда йил бошидан буён қарийб 5,5 минг лицензиясиз таксичи тутилди

Ўзбекистон давлат солиқ хизматининг бошқа тегишли идоралар билан биргаликда ўтказган назорат тадбирлари туфайли йил бошидан буён ноқонуний таксичилик бўйича мамлакатда бўйлаб 5490 ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Podrobno.uz сайти Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарга мувофиқ, ноқонуний таксичиларни аниқлаш учун ҳокимият, йўл хавфсизлиги ходимлари, солиқ идоралари ва транспорт ширкатлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 47 та шундай гуруҳ ўз фаолиятини бошлаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 2015 йилда Ўзбекистонда лизенциясиз таксичилик қилган 20 мингдан зиёд ҳайдовчи жаримага тортилгани, улардан қарийб 7 миллион доллар жарима ундирилгани ҳақида маълум қилганди.

2012 йил январида Ўзбекистонда лицензиясиз таксичилик қилганлик учун жарималар жорий қилинган. Бу тартибга кўра, ноқонуний таксичилик қилганлар энг кам ойликнинг 20 баробаридан 150 баробарига қадар жарима тўлашлари мумкин.