Тошкент мева-сабзавотни автоуловда ташишга рухсат берди

Жорий йил 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотни юк машиналарида хорижга экспорт қилишга рухсат қилинди.

Кun.uz нашри маълумотига кўра, бу хусусдаги ҳукумат қарорига ўзгартириш киритилган.

Янги ўзгартишга кўра, 1 июлдан бошлаб, юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли автотранспорт воситалари ёрдамида мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узумни хорижга ташишига рухсат этилади.

Бунинг учун фақат уларда автомобиль транспорти ёрдамида халқаро юк ташувларини амалга ошириш лицензияси бўлиши талаб этилади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга мувофиқ, ўтган йилнинг 1 сентябридан бошлаб мева-сабзавотни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқланган эди.

Ҳукуматнинг бу қарори мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи ўзбекистонлик фермерларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Кейинчалик ҳукумат ўз қарорини ўзгартириб, 1 январдан мева-сабзавотни юк машиналарида ташишга рухсат берди, бироқ бу имкониятдан ҳамма тадбиркор ҳам фойдаланиши мумкин эмас эди. Бу имкон берилган ҳуқуқий шахсларнинг махсус рўйхати мавжудлиги айтилган эди.

Ҳукуматнинг учинчи бор ўзгартираётган қарорига кўра, бу рўйхат бекор қилинган ва лицензия олган барча тадбиркорга машинада мева-сабзавотни экспорт қилишга рухсат этилди.