Самарқанд жамоат транспортида йўл кира жетонлар билан тўланади

2016 йилнинг 1 майидан бошлаб Самарқанд шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспортидан фойдаланишда йўлкира ҳақи нақд пулсиз, пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган махсус жетонлар воситасида амалга оширилиши жорий этилади.

Самарқанд вилояти ҳокимнинг бу ҳақдаги қарори ҳокимлик расмий сайтида эълон қилинди.

Қарорга биноан, 1 майдан бошлаб Самарқанд шаҳрида йўловчи ташувчи жамоат транспортида юриш йўлкира ҳақи нақд пулсиз, пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган махсус жетонлар воситасида амалга оширилади. Шаҳарда йўловчи ташувчи жамоат транспортида юриш йўлкира ҳақини пластик карточкалар орқали сотиб олинадиган махсус жетонлар воситасида ташкил этиш, унинг ҳаракатини назоратга олиш тартиби тўғрисида Йўриқномани ишлаб чиқиш ва расмийлаштириш лозим.

Ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, ушбу қарор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган.

Шаҳарда жетонлар сотиладиган махсус нуқталар ташкил этилади.

1 апрелдан Тошкент шаҳрида жамоат транспортларида кира ҳақи 1000 сўмдан 1200 сўмга кўтарилгач, қайтим қайтариш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.