OzodNazarPlus: Путин тан олган ҳужжатларга оид анойининг саволлари

Молиявий масалалар бўйича таҳлилчи Фарҳод Иноғомбоев.

Россияликлар билан 14 апрель куни ўтказган жонли мулоқоти давомида Владимир Путин оффшор ҳудудлардаги яширин молиявий фаолият ҳақида фош этилган маълумотларни ҳақиқий, деб билишини айтди. Айни пайтда, у бу ҳужжатларни сиздирганларни “сувни лойқатаётганликда” айблади. Бас, агар ҳужжатлар ҳақиқий экан, унда нима учун уларни эълон қилганлар “сувни лойқатаётган” бўлади?

Олдинроқ, 7 апрель куни, Панамадаги Mossack Fonseca адвокатлик ширкатига оид 11 миллиондан кўпроқ махфий ҳужжатларнинг сиздирилишига муносабат билдирган Россия президенти¸ оффшор банк ҳисобларининг ўзига алоқадор экани ҳақидаги тахминларни рад қилган эди.

Panama Leaks воқеасини Ғарбнинг Москвага қарши навбатдаги иғвоси деб баҳолаган Путин¸ ўзининг болалик ўртоғи¸ мусиқачи Сергей Ролдугиннинг ноқонуний молиявий операцияларга алоқадорлигини ҳам инкор қилганди.

Ғарб матбуотига сиздирилган Панама ширкати ҳужжатлари¸ таҳлилчиларга кўра¸ Путинга яқин шахсларнинг 2 миллиард долларни оффшор банк ҳисоблари орқали ювганини тахмин қилишга асос беради.

Фош этилган Mossack Fonseca ҳужжатлари дунëнинг аксар давлатларидаги ҳокимият расмийлари ва бадавлат шахсларнинг солиқдан қочиш ëки пул ювиш амалиëтларига тортилганига оид жанжалларга сабаб бўлмоқда.

Хўш, бу жанжалнинг мағзи нимада?

Бу саволга молиявий масалалардан узоқ одамнинг мустақил жавоб топиши мушкул.

Шунинг учун эшиттиришнинг бугунги сонига АҚШда яшаётган, шу мамлакатдаги молия-кредит муассасаларидан бирида хизмат қилаётган молиявий масалалар бўйича таҳлилчи Фарҳод Иноғомбоевга анойининг бир неча саволини бердик.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazarPlus: Фарҳод Иноғомбоев оффшор жанжали тўғрисида