Президент Каримов Япония ҳукуматига ҳамдардлигини билдирди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Япония бош вазири Шинзо Абэга Кюсю оролида ўнлаб одам ҳаётига зомин бўлган ва катта талафот етказган кучли зилзила муносабати билан ҳамдардлигини билдирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги 17 апрель куни хабар қилди.

Японияда кучланиши 7,3 даражада бўлган зилзила 16 апрель куни тонгга яқин содир бўлди ва камида 32 киши нобуд бўлди, мингга яқин одам жароҳатланди. Аҳоли аввалдан огоҳлантирилгани боис, инсоний талофотлар оз бўлди, аммо аҳоли уйлари ва инфраструктурага жиддий зарар етди.

Бу Кюсю ороли Кумамото минтақасида 30 соат ичида кетма-кет содир бўлган иккинчи зилзиладир. Биринчи зилзила 14 апрель куни рўй берди ва унда 9 одам нобуд бўлди.

Япониядаги энг ҳалокатли зилзилалардан бири 2011 йилнинг 11 март куни рўй берган. Ўшанда 15 мингдан зиёд одам нобуд бўлган.