Қамчиқ довонидаги кўчкида 5 киши нобуд бўлди

Қамчиқ довони.

Қамчиқ довонида чоршанба куни содир бўлган кўчки оқибатида5 киши нобуд бўлди, 6 киши қутқариб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилади.

Вазирликка кўра, 4 май куни соат 14 лар атрофида Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманига доир қисмида 13 минг 300 метр куб ҳажмда кўчки тушган. Кўчки остида иккита автомашина қолиб кетган.

“Ўз вақтида бажарилган тадбирлар натижасида 6 киши қутқариб қолинган. Жабрланганлар ва қурбон бўлганларнинг оилаларига барча зарурий ёрдам кўрсатилди.”, дея хабар қилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қамчиқ довони орқали Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири истиқомат қиладиган Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи ягона автомагистраль ўтади. Стратегик аҳамиятга эга ушбу довон орқали кунига 10 - 15 минг автоулов қатнаши айтилади.