Чучук сув етишмасилиги олди олинмаса Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари катта зарар кўради

Сувни тўғри тақсимлаш Марказий Осиёда ЯИМнинг 11 фоизга ўсишига туртки бўлиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари глобал илиқлашув оқибатларидан зарар кўради, дея хулоса қилди Жаҳон банки тадқиқотчилари. The Telegraph газетасида келтирилган тадқиқот ҳисоботида чучук сувнинг етишмаслиги 2050 йилга келиб минтақадаги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга тушиб кетишига олиб келиши мумкинлиги башорат қилинган.

Лекин чучук сувнинг қайта тақсимланиши бўйича чоралар кўрилса, бу минтақанинг айрим мамлакатларида иқтисоднинг яхшиланишига ҳисса қўшиши мумкин, дейилади ҳисоботда. Хусусан, сувни тўғри тақсимлаш Марказий Осиёда ЯИМнинг 11 фоизга ўсишига туртки бўлиши мумкин.

Жаҳон банкининг огоҳлантиришича, глобал илиқлашув натижасида чучук сув тақчиллашиши жаҳон иқтисодининг қисқаришига ҳам олиб келади. Айниқса, Яқин Шарқ мамлакатлари катта зарар кўриши мумкин.

Чучук сув тақчиллиги АҚШ ва Ғарбий Европада ҳам кескинлашмоқда, лекин бунинг иқтисодга зарари катта бўлмайди, дея хулоса қилади яна Жаҳон банки.

Жаҳон банкига кўра, Глобал илиқлашув оқибатларининг олдини олишнинг энг самарали йўли сув заҳираларининг бир минтақадан бошқа минтақага қайта тақсимлаш бўлади.

Марказий Осиё мамлакатлари сув заҳираларини исроф қилиш бўйича дунёда етакчилик қилади. Улар орасида биринчи ўринда турадиган Туркманистонда жон бошига бир йилда 5,5 минг куб метр сув сарфланади. Ўзбекистонда эса ҳар бир одам учун 2 минг куб метрдан ортиқ сув кетади. Қўшни мамлакатларда ҳам кўрсаткчилар тахминан бир хил. Солиштириш учун Хитойда жон бошига 400 куб метр сув кетади холос.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақа сув заҳиралари устида тортишувлар йиллардан бери давом этади. Хусусан, Тожикистон ва Қирғизистоннинг трансчегаравий дарёлар устида йирик гидроиншоотлар қуриш режалариги Ўзбекистон қарши чиқиб келади.

Сув заҳираларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида Орол денгизи қуриб, бугунги кунда 90 фоизга қисқарган.