Самарқандда аёлларни Туркияга фоҳишаликка йўллаган қизфурушлар ушланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати интим хизматлар учун қизларни ёллаш ва сотиш билан шуғулланиб келган тўда аъзоларини қўлга олди.

Sputnik нашрининг ИИВдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, қўлга олинганлардан бири самарқандлик 39 ёшли Озода Жафаровадир. 2007 йилдан бери Туркияда яшаб, қўшмачилик билан шуғулланиб келган бу аёлга одамлар орқаваротдан “Озода ширкат” деб ном қўйиб олганлар.

Нашр манбаси Жафарова сохта паспорт билан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга келиб-кетиб юргани, Туркияга қиз сотишга Озоданинг опаси Роҳила Жафарова ҳам алоқадор бўлганини айтган.

Манбага кўра, “аёл синглисининг топшириғи билан 2015 йилда Туркияга "кўп ҳақ тўланадиган иш" баҳонасида олти нафар самарқандлик аёлни юборганини тан олди. Ҳозирда улар Истанбул фоҳишахоналарида.

Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий иш очилгани, тергов ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.