Саратовда ўзбекистонликни пичоқлаганлар қамалди

Россиянинг Саратов вилояти Энгельс шаҳрида ўзбекистониликка қарши миллий нафрат асосида қатор жиноятларни содир этган шахслар қамалди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг хабар беришича, 18 ёшли Андрей Нечаев 2 йилга, 20 ёшли Александр Букрин 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Судда аниқланишича, 2014 йилнинг 24 ноябрида улар миллий нафрат туфайли Ўзбекистон фуқаросининг баданига икки марта пичоқ уриб қочиб кетишган. Ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Бундан ташқари судланувчилар 2014 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида ижтимоий тармоқларга миллий нафрат қўзғовчи чақириқлар ва видеоларни жойлаштирган. Шунингдек, улар бир қатор ўғирликларни ҳам содир этишган.