Тошкентликлар ҳайвонот боғидаги жониворларнинг абгор аҳволидан ташвишга тушган

Тошкент ҳайвонот боғидаги арслон (2012 йил сентябрида олинган сурат)

Марказий Осиёдаги энг эски ҳайвонот боғи бўлмиш Тошкент зоопарки ташрифчилари ижтимоий тармоқларда боғдаги ҳайвонлар аҳволининг абгорлигидан бонг урмоқдалар. Уларга кўра, боғдаги ҳайвонларнинг жуда силласи қуриган, маъмурият эса ҳайвонот боғига емиш олиб келиб, жониворларни боқишни тақиқлаяпти.

Facebook ижтимоий тармоғидаги Потребитель.уз гуруҳи аъзоларидан бири: “Йиртқичларнинг очликдан шу қадар силласи қуриганки, қараган одамнинг раҳми келади. Ҳолсизликдан оёғини зўрға судраб босаяпти. Аввалига биронта ҳайвон касал бўлиб қолгандир, деб ўйладим. Аммо уларнинг ҳаммаси тахтакачдай ориқлаб кетган! Йўлбарслар ҳам, арслонлар ҳам. Бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас...” деб ёзаркан, ёзувига териси суягига қапишиб қолган йўлбарсларнинг суратини илова қилади.

Гуруҳ аъзолари ҳайвонот боғи маъмурияти бу борада қандайдир чоралар кўриш учун Давлат хизматлари ягона портали орқали тегишли идораларга мурожаат қилишни таклиф қилганлар.

Ўтган ой Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари жониворларга егулик ташламаслик илтимоси билан ташрифчиларга мурожаат қилганди. Бунга боғдаги ламанинг ўлиши ҳамда унинг ошқозон ва ичакларидан полиэтилен, пластик идиш қопқоғи ва бошқа ҳазм бўлмайдиган нарсалар топилгани сабаб бўлганди.

2012 йил кузида Тошкент ҳайвонот боғи директори Олим Расулов ва яна 16 ходим 1,5 миллиард сўм маблағни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, тергов қилинганди.

Тошкент зоопарки 1924 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Ҳозирда боғдаги жониворлар сони 3000 мингга яқинлашиб қолган.