Умида Аҳмедова Ҳавел мукофотини олди

Умида Аҳмедова Москва Биенналесида ўз асари билан, 2013 йил сентябри.

Норвегия пойтахти Ослода ўтказилган Озодлик форуми доирасида 25 май куни Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида ўзбекистонлик фотожурналист Умида Аҳмедова ҳам бор.

Ижодий норозилик ифодаси учун мукофотланган Умида Аҳмедова 2010 йили суратлари ва ҳужжатли фильмларида "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган, кейинроқ амнистия акти билан озод қилинган эди.

Мукофотни топшириш маросимида сўзлаган Умида Аҳмедова 6 йил аввал ичида пайдо бўлган “тоталитаризм қаршисидаги қўрқув ҳисси” билан ҳар куни курашиб, ижодий фаолиятини давом эттираётганини билдирди.

Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотга жорий йилда Умида Аҳмедовадан ташқари Эрон қамоқхонасида виждон тутқуни бўлган Атена Фарҳадоний ва россиялик рассом Петр Павленский ҳам лойиқ топилган.

“Диктатуралар ёлғонини жасорат билан фош қилувчи” кишиларга топшириладиган мазкур мукофот Human Rights Foundation (Инсон ҳуқуқлари бўйича жамғарма) томонидан таъсис этилган.